Нейтрални ерга улаш учун қаршиликларнинг оптимал қийматлари ва танлаш мезонлари
Referat
Долзарблик: ушбу мақолада 20 кВ электр тармоқларида нейтрални ерга улаш учун қаршиликларни танлаш ва оптималлаштириш учун тизимли ёндашув тақдим этилган. Асосий эътибор электр хавфсизлигини ошириш, ортиқча кучланиш хавфини камайтириш ва релей ҳимоя тизимларининг самарадорлигини таъминлашга қаратилган. Тадқиқот оптимал қаршилик қийматларини аниқлаш, трансформаторлар кучланишларини ерга улаш талаблари билан мувофиқлаштириш ва тегишли хавфсизлик стандартларига риоя қилиш каби муҳим жиҳатларни ўрганади. Техник ва иқтисодий нуқтаи назарларни бирлаштирган ҳолда мақола муҳандислар ва лойиҳа қилувчилар учун амалий тавсияларни тақдим этади, шунингдек, ҳақиқий мисоллар ва мавзў бўйича тадқиқотларни ўз ичига олади.
Mақсад: ушбу мақолада 20 кВ электр тармоқларида нейтрални ерга улаш учун оптимал қаршилик параметрларини аниқлаш ва уларни амалга оширишдан мақсад электр хавфсизлигини ошириш, ортиқча кучланиш хавфини камайтириш ва релей ҳимоя тизимларининг самарадорлигини таъминлашдир. Бу орқали электр тармоғининг барқарорлигини, технологиялик жараённинг узлуксизлигини таъминлаш ва харажатларни камайтириш кўзланмоқда.
Усуллар: тадқиқот тизимли ёндашув, электр тармоқларининг энергетика экспертталари натижаларига тизимли таҳлил қилиш, регрессия таҳлили ва назарий режалаштириш методлари орқали олиб борилган. 20 кВ электр тармоқларида нейтрални ерга улаш учун қаршиликларни танлаш ва оптималлаштиришда электромеханик параметрларни вақтга боғлиқ ҳолда ўзгартириш функцияларини математик модел орқали тасвирлаш ва оптимал ечимларни топиш учун регрессия таҳлили методидан фойдаланилган.
Натижалар: тадқиқот натижалари, хусусан, Ҳудудий электр тармоқлари акциядорлик жамияти Навоий ҳудудий филиалидаги 20 кВ электр тармоғида нейтрални ерга улаш учун трансформаторлар ва қаршиликларнинг оптимал параметрларини аниқлаш бўйича олинган. Синовлар MATLAB/Simulink дастури ёрдамида ўтказилди ва натижалар ортиқча кучланиш, қисқа туташувлар, тизим барқарорлиги ва электр тармоқ хавфсизлиги бўйича самарали қарорлар ишлаб чиқиш имконини берди.